Халқаро бизнес-форум қатнашчилари Хивада

      Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари  ишбилармонлари ва тадбиркорларининг  навбатдаги бизнес-форуми Хоразм вилоятида бўлиб ўтмоқда.

      Шу йил 26 февраль куни  бизнес-форум иштирокчилари қадимий  Хива шаҳрига ташриф буюришди. Меҳмонлар “Ичан-Қалъа” давлат музей қўриқхонасидаги Кўҳна арк, Паҳлавон Маҳмуд мажмуалари, Қози Калон мадрасаси, Калта минор ёдгорлиги, Кўҳна Арк мажмуасидаги “Оқ Шайх бобо” тепалиги ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишишди. Шунингдек "Огаҳий" уй-музейида Ўрта Осиёдаги биринчи фотограф, кино оператор Худойберган Девоновнинг фото кўргазмаси, унинг ҳаёти ва ижоди ҳамда кўргазмадаги фотосуратлар тарихи билан яқиндан танишдилар. 

    Халқаро бизнес-форум доирасида иқтисодиётнинг бошқа йўналишлари қатори туризм  бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича ўзаро фикр - мулохазалар, тажриба алмашувлар бўлиб ўтди.

     Мехмонларга миллий қадрият ва анъаналаримиз акс этган ҳаётий лавҳалар, тарихий саҳна кўринишлари  ҳамда концерт дастурлари намойиш этилди.

“Ичан-Қальа” музей-қўриқхонаси матбуот хизмати