Хива халфалари сайёҳлар хизматида

                Хоразм азал–азалдан илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган олимлари, қўли гул ҳунармандлари, айниқса хушовоз санъаткорлари билан ҳам машҳур.

      Хоразм куй–қўшиқлари ўзининг жозибаси, дилторларлиги, мафтункорлиги билан ажралиб туради.

                Юртимизга дунёнинг турли жойларидан ташриф буюраётган сайёҳлар нафақат тарихий обидалар, беназир меъморий ёдгорликлар балки қўшиқ ва рақслардан ҳам чексиз ҳайратланиб, диллари завққа тўлади. “Лазги” куйи янграганда беихтиёр маҳаллий сайёҳлар қатори хорижлик меҳмонлар ҳам рақсга тушиб кетишади.

                Зеро, бу қадимий куй  халқаро ЮНЕСКО  ташкилотининг инсониятнинг номоддий мероси  рўйхатига киритилганлиги ҳам бежиз эмас.

                Бугунги кунда мамлакатимизда, шу жумладан Ичан-Қалъа давлат музей-қўриқхонасида маданият  муассасалари билан ҳамкорликда ўзбек  миллий санъати, шунингдек, Хоразм бахшчиликлиги, халфа қўшиқларининг ва рақсларнинг маҳаллий ва хорижий сайёҳларга намойиш қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

                Ичан-Қалъадаги Кўҳна Арк меъморий ёдгорликлар мажмуасида Хоразм вилояти қўғирчоқ театри актёрлари томонидан “Хон қабули” театрлашган томошалари, шунингдек, Хива шаҳар маданият бўлими қошидаги  “Хива халфалари”ашула ва рақс ансамбли томонидан намойиш этилаётган концерт дастурлари қадимий шаҳар меҳмонларига жуда  манзур бўлмоқда.

                Хоразм халфачилик анъаналарнинг давомчилари бўлган Зумрад Мадримова, Дилором Қурбонниёзова, Роҳатой Полвонова, Гулой Абдуллаевалар ижросидаги куй–қўшиқлар ва яллалардан баҳраманд  бўлаётган сайёҳлар маданий хизматдан  чексиз завқ олганликлари ва ташаккурларини изҳор этишмоқда.

                Бир сўз билан айтганда  Хива халфалари куй-қўшиқлари нафақат ўзбек  миллий санъати тарғиботига, балки сайёҳлик хизмати жозибадорлигига ҳам хизмат қилмоқда.

                Айни пайтда бу борадаги ҳаракат ва изланишлар ЮНЕСКО ташкилотининг “Ижодкор шаҳарлар”дастурида кўзда тутилган мақсад-мудаолар билан ҳам ҳамоҳангдир.