Хоразмда лазги фестивали

        Бутун Ўзбекистон халқи, айниқса хоразмликлар учун кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолагани улуғ байрам кайфиятини берди, қалбларимизга фахр ва ғурур бағишлади.

Тарихи уч минг йилга бориб тақаладиган Хоразм асрлар мобайнида инсониятнинг маънавий ва моддий маданияти ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келганлиги маълум. Агар  Дунё харитасига эътибор билан қаралса, Хоразм икки катта чўл – Қорақум ва Қизилқум ўртасида жойлашгани маълум бўлади. Бу воҳада қадимдан ҳаётнинг гуллаб-яшнагани, хориждан келган ҳар бир кишини  ҳайратга солади. Айниқса, иши юзасидан ёки сайёҳ бўлиб, Хоразмни чўл-у - биёбон деб тасаввур билан келганларнинг бу ерда балиқ билан меҳмон қилиниши, балиқ овига олиб борилиши, санъаткорларнинг чиқишлари, Лазгига ўйнашлари унинг тасаввурини бутунлай ўзгартириб юборади.

Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Хива каби қадимий шаҳарларига келиб, музейлардаги тарихий маълумотлар билан танишиб, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган хоразмийларнинг  икки  Саҳро ўртасидаги бу маконда ўзига хос маданиятнинг юзага келтиргани, ўз тили ва ўз алифбосига эга бўлиб, дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган Термизий, Бухорий, Хоразмийлар    каби  алломаларнинг ватани, шунинг учун ҳам   бу   шаҳарлар   Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳақ эканини тушунади. 

“Мамлакатимизнинг бой рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган “Хоразм лазги рақси” ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат Ўзбекистонда, балки чет давлатларда ҳам машҳурдир. ЮНЕСКО томонидан “Хоразм лазги рақси” инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганлиги ҳам унинг бетакрор санъат эканлигидан далолат беради”, дейилади қарорда.

“Хоразмликларнинг етти ёшдан етмиш ёшгача ҳар бириси ўйинчи (раққос)” деб бежиз айтилмаган. Хиваликларда шундай бир ривоят бор: “Аллоҳ одамни лойдан ясаб, унга жонни (руҳни) киритмоқчи бўлганида руҳ унга киришни истамайди. Шунда сурнай чалиб сехрли куй тарала бошланади. Куйдан роҳатланиб, сархуш бўлган Руҳ рақсга тушиб, одамнинг ичига кириб кетганини сезмай хам қолади. Жонсиз ётган одамнинг аввал бармоқларида ҳаракат сезила бошлайди ва аста-секинлик билан қўллар, кейинчалик гавда ҳаракатга келади ва ҳаракатлар тезлашиб кетади.” Лазги рақсининг асосий ўйналиш услуби ҳам худди шундан олинган.  

Хоразмда бирон-бир байрам, тўй ёки кичик бир зиёфат йўқ-қи, унда Лазги иштирок этмаган бўлсин. Шунинг учун ҳам машҳур санъаткорларимиз, бастакорларимиз лазгининг бир неча турини яратишган. Ҳар қандай базмнинг охири албатта сурнай лазгиси билан якунланади. 

Қарорда “Хоразм лазги рақси” санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш”  кўзланган бўлиб, “2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивалини   ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисидаги  таклифи маъқуллансин” дейилган.

Ўз навбатида Ичон-Қалъа музей қўриқхонаси жамоаси - Хоразм мусиқа тарихи доимий кўргазмасида лазги тарихига оид алохида кўргазма ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Фестивални ўтказиш санасининг аниқ белгиланиши унга келишни истаган ҳар бир хорижлик учун ҳам аввалдан тайёргарлик кўриш имконини беради. Бу эса ўз навбатида фестивалда қатнашувчиларнинг сони кўпайиши ва янада қизиқарли бўлиб ўтишига замин яратади.

Фестивалнинг   қадимий шаҳар   Ичан-қалъада ўтказилиши хиваликлар учун яна бир янги байрам-шодиёна бўлиб, халқимиз маданияти, санъатининг гўзал қирраларини намойиш этиш учун катта имкониятдир.

Ушбу Фестивални ташкил этиб, унинг Хивамизда ўтказилишини белгилаган юртбошимиз Шавкат Миромоновичга катта миннатдорчилик билдирамиз.

Ҳамиша осмонимиз мусаффо, қалбларимиз жўшқин, давраларимизда Лазги бўлсин!