Музейимизда янги халқаро кўргазма иш бошлади

Халқаро маданий алоқалар

       Кейинги йилларда барча соҳада бўлгани сингари маданият соҳасида ҳам халқаро алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда. Ўтган йилнинг октябрь ойида “Ичан-Қалъа” давлат музей – қўриқхонаси билан Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятидаги “Сулаймон тоғ” тарихий – археологик музей мажмуаси билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Шунга мувофиқ қирғизистонлик ҳамкасблар Ичан қалъада кўргазмалар намойиш этиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Хивага ташриф буюришди.
       Меҳмонлар 2 март куни очиқ осмон остидаги музей шаҳар  – Ичан-Қалъада куй-қўшиқлар билан кутиб олинди. 
Музей - қўриқхона ҳудудидаги Тошҳовли саройида “Сулаймон тоғ - бутунжаҳон мероси объекти” деб номланган кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 
Унда сўзга чиққан “Ичан-Қальа” давлат музей –қўриқхонаси директори Шоназар Матяқубов, “Сулаймон тоғ” тарихий – археология музей мажмуаси директори Султанбек Абдирахманов, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги вакили Нурзад Убекеева, Қирғизистонинг Ўзбекистондаги элчиҳонаси вакили Ойжамол Қарамирзаева ва бошқалдар ён қўшни - жон  қўшни ўзбек-қирғиз халқлари дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланаётганлигини қувонч билан таъкидладилар. Кўргазманинг очилиши ҳам анашу ҳамкорликнинг яққол ифодаси бўлди. 
      Мезбонлар ва меҳмонлар миллатлараро меҳр–оқибатнинг, ҳамкасблараро ҳамкорликнинг рамзи сифатида бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этишди.
“Сулаймон тоғ” тарихий археология музей-мажмуаси директори С.Абдирахмоновга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Фахрий ёрлиғи тантанали равишда топширилди.
Кўргазмадан ўрин олган экспонатлар ва уларнинг нусхалари, турли фото ва тасвирий санъат намуналари Хивага ташриф буюрган хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
      Маданий алоқалар ҳар икки музей ходимларининг ўзаро тажриба алмашинувига, соҳа ривожига хизмат қилиши билан бир қаторда ҳеч шубҳасиз, миллатаро дўстлик ҳамда халқаро туризм тараққиётида муҳим аҳамият касб этиши шубхасиз. Шу муносабат билан хал иккала музей ўртасида хамкорликни бардавом қилиш мақсадида мемарандум янгиланди.