Музейлараро хамкорлик

     Буюк аждодларимиздан бизгача етиб келган моддий ва номоддий меросни асраб – авайлаш, тарғиб қилиш ҳамда келажак авлодга етказишда музейларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Шу мақсадда  мамлакатимизда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда музейларнинг ўзаро ва хорижий давлатлардаги ҳамкасблари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда.

     Шу йил 21 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг Хива шахар “Ичан Қальа” давлат музей-қўриқхонасида “Ўлка тарихи дурдоналари”  деб номланган кўчма кўргазмаси иш бошлади.

     Кўргазманинг тантанали очилишида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи раҳбари Айжамал Юсупова, “Ичан Қальа” давлат музей-қўриқхонаси директори Шокир Мадаминов, Хоразм вилоят қўғирчоқ театри директори, Ўзбекистон Республикасида ҳизмат кўрсатган маданият ходими Даврон Атабаевлар сўзга чиқиб ҳайрли тадбир ташкилотчиларини ва иштирокчиларни табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этишди.

     Қорақалпоғистонлик санъаткорлар ва Хоразм вилоят  қўғирчоқ театри актёрлари ижросидаги куй-қўшиклар, рақслар иштирокчилар ҳамда хорижий сайёҳларга чексиз завқ бағишлади.

     Шундан сўнг иштирокчилар, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар кўргазма намойишига таклиф қилиндилар.

     Кўргазмадан ўрин олган қорақалпоқ миллий ҳунармандчилигига оид каштачилик, ёғоч уймакорлиги, заргарлик, ўтов безаклари, кийим-кечаклар, гиламдўзлик намуналаридан иборат экпонатлар барчада катта таассурот қолдирди.

    Бир ой давомида Тошҳовли саройида намойиш этиладиган кўргазма ўзаро тажриба алмашиш, музейлар фаолиятини тарғиб этиш баробарида туризмни ривожлантиришга ҳам ҳизмат қилади.