Шаффофликнинг шарофати

         Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан бошлаб “Янги Ўзбекистон” концепсиясини илгари сурди. Давлат бошқарув тизими, иқтисодиёт ва бошқа барча соҳаларда шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияни олдини олишни жамиятни янгилашнинг бош мезони сифатида белгилади.

         Республикамизда шу мақсадда амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар ва уларнинг ижобий самараларини Ичон – Қалъа давлат музей – қўриқхонаси фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин.

         Маълумки, 2018 йил 28 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ – 4038 – сонли қарорида музейларда электрон чипталар сотиш ва ташриф буюрувчилар ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини яъни турникет лойиҳасини амалга ошириш вазифаси ҳам кўзда тутилган эди.

         Ана шу кўрсатмалар асосида 2019 йил апрел ойида республикамиз музейлари орасида биринчилардан бўлиб Ичон – Қалъа давлат музей – қўриқхонаси “Микросистема Плюс” МЧЖ билан ҳамкорликда музейларга электрон чипталар сотиш ва ташриф буюрувчилар ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилди.

         Ушбу лойиҳа асосида музейга ташриф буюрувчиларнинг ҳисобни тўлиқ юритилишига, чипталарни масофадан сотилишига, билет сотиш тизимини шаффофлаштириш ва давлат бюджетига тушадиган тушумларни бир неча баробар оширилишига эришилди.

         Мазкур тизимнинг маълумотлар базаси “Узинфоком” серверида жойлаштирилган бўлиб, 19 та объектда – 30 та смарт-турникет, 3 та чиптахона, масофадан билет сотиш тизими ва мобил тўлов тизимлар (PayME GO ва Click GO) қамраб олади. Келгусида барча сайёҳлик объектларидаги банкоматлардан ҳам музей билетлари электрон сотилишини йўлга қўйиш имконияти ҳам яратилади. Ушбу тизимга сарфланган харажатлар ҳам қисқа фурсатда 2019 йилнинг 15-30 апрел кунлари (яъни 15 кун ичида) янги тизимни шарофати тўлиқ қопланди.

         Натижада 2018 йилдаги Ичон – Қалъа музей қўриқхонаси томонидан бюджетга чипталар сотишдан 5.6 млрд сўм тушум қилинган бўлса – 2019 йилда юқоридаги ишлар амалга оширилиши натижасида давлат бюджетига 14.7 млрд сўм маблағ туширишга эришилди.

         Ушбу муваффақиятлар 2020 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Беҳзод Анварович Мусаев томонидан ўтказилган видеоселекторда – “Республикамиз бўйича барча музейлардан 2019 йил ҳолатига 31,5 млрд сўм маблағлар тушурилган бўлса – биргина Ичон – Қалъа давлат музей – қўриқхонаси томонидан 14,7 млрд сўм маблағ туширилган” – дея эътироф этилди.

         Ўзбекистон - 24 телеканалида Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазири ва вазирлик ходимлари томонидан ўтказилган теледебатда – Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазири матбуот котибаси Мавлуда Аскархўжаева – Ичон – Қалъа давлат музей – қўриқхонасида  электрон билетлар сотилишини йўлга қўйилиши ва автоматлаштирилган тизим жорий қилиниши натижасида – 2018 йилга нисбатан 2019 йилда давлат бюджетига тушумлар 2.5 баробар ўсиб – 14.7 млрд сўмни ташкил қилганини алоҳида таъкидлади.

         Бундан кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббусларининг жойлардаги ижроси фаолиятда шаффофликни таъминлаш, ноқонуний хатти – ҳаракатларнинг олдини олиш баробарида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, ички имкониятларни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишчи–хизматчиларни рағбатлантириш бинобарин халқимиз розилигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.