УСТОЗЛАР ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ

              Шундай кишилар борки, илм-маърифати, касбига садоқати, эл-юрт учун қилган хизматлари ва инсоний фазилатлари билан элдошлари ҳурмат-эътиборига сазовор бўладилар. Бу ёруғ дунёни тарк этсалар-да халқимиз хотирасидан ёди ўчмайди.

            “Ичан-Қалъа” давлат музей - қўриқхонасида, Хоразм Маъмун академиясида ва нуфузли илмий муассасаларда фаолият кўрсатган тарихчи олимлар Шихназар ака Матрасулов ҳамда Абдулла Абдурасулов ака шундай устозлардан эдилар.

            Шу йил 11 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида ана шу қадрибаланд элдошларимизга бағишланган хотира кечаси ўтказилди. Кечада Шихназар Матрасулов ва Абдулла Абдурасуловнинг яқинлари, ҳамкасблари, шогирдлари, академия ва УрДУ олимлари, талаба ёшлар иштирок этишди. Дастлаб иштирокчилар устозлар хотирасига бағишлаб ташкил этилган, улар фаолиятини акс эттирувчи суратлар ва китоблар кўргазмаси билан танишдилар.

            Хоразм Маъмун академияси раиси Икром ака Абдуллаев кечани очар экан, ҳар иккала устоз ҳақида илиқ фикрларни билдирди, илм-фан соҳасидаги хизматларини эътироф этди.

            Шундан сўнг сўзга чиққан “Ичан-Қалъа” давлат музей - қўриқхонаси директори Шоназар Матяқубов, Хоразм Маъмун академияси бўлим бошлиғи, олима Юлдуз Раҳмонова, музей-қўриқхона илмий котиби, тарихчи олим Комилжон Худайберганов, музей-қўриқхона бош муҳофизи Озод Каримов, мехнат фахрийси Олимбой Отажонов, шоир, журналист Отабек Исмоилов, шогирдлардан Ҳасанбой Матчанов, олима, УрДУ ўқитувчиси Шоира Қўшназарова  ва бошқалар ўз хотираларини ўртоқлашар эканлар устозларнинг ўлкамиз тарихини ўрганиш, аждодлар меросини келажак авлодга етказиш, шогирдлар, муносиб фарзандлар тарбиялаш борасидаги улкан хизматларини, инсоний фазилатларини алоҳида ёдга олдилар.

            Зеро, ана шундай фидойиликлари учун Шихназар ака ҳам, Абдулла ака ҳам, нафақат эл эъзози балки давлатимизнинг орден ва медалларига ҳам сазовор бўлганлар.
  Хотира кечасида УрДУ талабалари ҳам иштирок этиб, хотира, меҳр-оқибат ҳақида шерълар ўқишди. Шунингдек кечада устозлар ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги видеоролик ҳам намойиш этилди.

            Мазкур хотира кечасида 2022 йилда тарихчи олим Абдулла Абдурасуловнинг 80 йиллиги юбилейи муносабати билан Республика даражасида тарихчи олимларининг илмий-амалий конференциясини утказиш Хоразм Маъмун академияси режасига киритилди. Бу эса олимларимиз ўтиб кетишган бўлишсада хамон илмни ривожланишига хисса қўшаётганидан далолатдир.

            Кеча якунида оталарининг эзгу ишларини давом этираётган  Шихназар устознинг фарзанди Лочин Матрасулов, Абдулла устознинг фарзанди Мақсудбек Абдурасуловлар оила аъзолари номидан ўз ташаккурларини изҳор этишди.