Янги экспозиция ишга тушди.

 

             ЯНГИ ЭКСПОЗИЦИЯ ИШ БОШЛАДИ.

           Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлвнтириш тўғрисида”ги 261-сонли қарори ижросини таъминлаш  бўйича  Хоразм вилояти Маданий мерос  бошқармаси  ва “ Ичан-Қалъа” давлат  музей-қўриқхонаси ходимлари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда . 

            1910-йилда вазири акбар Ислом Хўжа ташаббуси билан барпо этилган янги услуб  мактаби биноси сайёҳлар эътиборини жалб этиб келмоқда. Кейинги даврда меъморий ёдгорликда ички имкониятлардан фойдаланилган ҳолда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

            Музей қўриқхона илмий ходимлари томонидан олиб борилган изланишлар натижада ушбу тарихий бинода “Ислом Хўжа ва халқ таълими тарихи” экспозицияси ташкил этилди. 

            Шу йил 24-сентябрь куни экспозициянинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. “Ичан-Қалъа” давлат музей қўриқхонаси директори Ш.Мадаминов,Вилоят  Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Э.Солаев, “Ичан-Қалъа” давлат музей - қўриқхонаси илмий котиби, тарихчи олим К.Худойберганов ва бошқалар сўз олиб ўтмишни ўрганиш, тарғиб қилишда экспозициянинг аҳамияти ҳақида гапириб, ташкилотчиларга ташаккурлар изҳор этишди. 

            Экспозицияларда маърифатпарвар ҳукмдор Ислом хўжа хаёти ва унинг ташаббуси билан ХХ аср бошида иш бошлаган янги услуб мактаби фаолияти, ўша давр ҳаётини акс эттирувчи нодир экспонатлар, ҳужжатлар ва Худойберган Девонов томонидан ишланган фотосуратлар ўрин олган. 

           Бошқа бўлимлар қатори ушбу экспозиция ҳам хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб қиладиган масканга айланиши шубҳасиз.